Хоразмда йирик наркогуруҳ фаолияти очилди

Дата: 10:09, 10-10-2016.

Тошкент. 10 октябр. ЎзТАГ – Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида наркотик моддаларни етиштириш, сақлаш ва сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ устидан жараён якунланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Унинг очилишига Миллий хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда наркотик моддалар ва психотроп воситалар амалга оширилаётган комплекс чоралар имкон берди.

“Гуруҳ бошлиги – Урганчда яшовчи 39 ёшли Шерзод Курезов 27 ёшли шериги Тимур Абдужабборов, 29 ёшли Тимур Алимов, 27 ёшли Дилноза Анезова, 42 ёшли Санжар Салаев, 36 ёшли Руслан Бобожонов, 35 ёшли Отабек Худаберганов ва 31 ёшли Музаффар Мадримовлар билан биргаликда наркотикка ўрганиб қолган кишиларга наркотик моддалар сотишни йўлга қўйишган”, - дейилади куч тизимлари хабарида.

Куч тизимлари гуруҳ изига 2016 йил февралда тушишди. Ўшанда вилоятдаги “Саримой” постида автомобилни текширишда йўловчилар Тимур Абдужабборов ва Тимур Алимовлар қўлга олинган эди. Улар Тошкентдан Урганчга 39 гугурт қутисида 75,14 грамм марихуанани олиб ўтишмоқчи бўлишган.  

Шундан сўнг оператив ходимлар ташилаётган наркотик моддаларнинг буюртмачиси – Шерзод Курезовга чиқишди. Унинг кўрсатмаларига мувофиқ, Дилноза Анезованинг уйида 8,56 грамм марихуана топилди. 

Кўлга олинганларнинг кўрсатмаларига мувофиқ, Хоразм вилоятида 24 манзилда ёппасига тинтувлар ўтказилди ва улар доирасида  кўп миқдорда марихуана ва бошқа наркотик моддалар, пневматик пистолет ва ов қуролининг икки патрони топилди.

Наркогуруҳнинг барча аъзолари Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг ҳукмига мувофиқ 7 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, суд жиноятчиларга тегишли “Ласетти” ва “Каптива” автомобиллари, 2,2 млн сўм, $600 ва 20 хитой юанини давлат фойдасига мусодара қилишга қарор қилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: