Хориждаги ўзбек талаба ва мутахассислари ватанидаги сайёҳлик саноатини ривожлантиришга кўмаклашадилар

Дата: 15:28, 14-11-2018.

Тошкент. 14 ноябр. ЎзТАГ – Хориждаги ўзбек талаба ва мутахассислари ватанидаги сайёҳлик саноатини ривожлантиришга кўмаклашадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“10 ноябр куни Германиянинг Берлин шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон асоциацияси, “Ниҳол” ўзбек-немис илмий-маданий жамияти ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Хорижий инновацион ғоялар ва технологиялар ҳамда уларни Ўзбекистонда татбиқ қилиш истиқболлари” мавзусида ҳалқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди”, - дейилади Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабарида.

Мазкур тадбирда Германия ва бошқа Европа мамлакатларида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар, илмий тадқиқотчилар, немис компания ва ташкилотларида фаолият юритаётган ўзбек мутахассислари, тадбиркорлар, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вазирлик ва идоралар, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Унда Европа мамлакатларида фаолият олиб бораётган ўзбек ватандошлар томонидан турли йўналишларда ишлаб чиқилган инновацион ғоялар, ишланмалар ва янги технологиялар намойиш этилди ҳамда ушбу лойиҳаларни Ўзбекистонда амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

“Тадбир доирасида ватандошлар ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди. Учрашувлар давомида мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантиришда самарали механизмларни жорий этиш бўйича ҳалқаро тажриба, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ватандошлар томонидан тарғиб қилиш йўллари, ҳорижий малакали мутахассисларни туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш учун жалб этиш, мамлакатимиз туризм инфратузилмасини яхшилаш учун инвестициялар киритиш каби масалалар муҳокама этилди”, - дейилади хабарда.

Тадбир давомида туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар, жумладан, Чехия табиий фанлар университети магистранти Б. Ҳожимуродовнинг Ўзбекистонда шаҳарлараро автобус транспорти тизимини ривожлантириш, ички ва ҳорижий туристларга қулай шароит яратиш”, Германиянинг Vayfeyr компаниясининг нарх таҳлили бўйича мутаҳассиси З. Раҳимовнинг “Туризм объектлари ва қадамжоларда аудио гидларни жорий этиш механизмлари” ҳамда Германиянинг Plantim Shvarts компанияси муҳандиси Ш. Турдалиевнинг “Темир йўл транспорти тизимида давлат-хусусий сектор шериклигини йўлга қўйиш” кабилар намойиш этилди ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида муҳокама қилинди.

“Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намойиш қилувчи тарғибот материаллари тақдим этилиб, ватандошлар томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини доимий тарғиб қилиб боришга келишиб олинди”, - деб хулоса қилинади хабарда.

 

Сурат манбаи: nuz.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: