Хорижликлар Ўзбекистон Ислом академиясига кириш имтиҳонларидан озод этилди

Дата: 15:44, 16-07-2019.

Тошкент. 16 июль. ЎзТАГ – Хорижликлар Ўзбекистон халқаро Ислом академиясига кириш имтиҳонларидан озод этилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Академиянинг маълумотларига кўра, 2019-2020 ўқув йилида хорижий абитуриентларнинг ҳужжатларини бакалавриат босқичида (4 йил) қабул қилиш бошланди.

"Чет эллик абитуриентлар кириш имтиҳонларидан озод қилинади ва суҳбат асосида қабул қилинади. Келгусида хорижий талабалар ўз хоҳишига кўра ўзбек ёки рус тилларида таълим олишади. Диний ва дунёвий фанлар бўйича машғулотлар етакчи профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилади", - дейилади академия матбуот хизмати хабарида.

Академияда "Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик" (мусулмон мамлакатлари), "Халқаро муносабатлар", "Туризм "(зиёрат туризми), "Исломшунослик" (Қуръоншунослик, ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқи, ақида ва сўфийлик, ислом тарихи ва манбашунослиги), "Диншунослик", "Психология" (дин социопсихологияси) ва "Филология ва тилларни ўқитиш" (араб тили) каби йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича таълим олишлари мумкин.

Қайд этилганидек, ҳозирда академияда Россия, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари таҳсил олмоқда.

"Хорижий абитуриентлар учун ҳужжатларни қабул қилишда қулайлик яратиш мақсадида жорий йилда ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш имконияти яратилди. (...) Чет эллик талабалар ҳам шартнома суммасини тўлаш шаклини танлаш имкониятига эга", - дейилади хабарда.

Сурат манбаи: travel.sygic.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: