Хусусий тадбиркор экспортни 10 бараварга оширди
Тошкент. 29 декабр. ЎзТАГ – Атига бир йил давомида Navoi Citrus Service хусусий корхонаси экспорт қилаётган маҳсулот ҳажми қарийб 10 бараварга оширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўтган қиш мавсумида 114 минг 500 долларлик маҳсулот экспорт қилган эдик. Жорий мавсумда Қозоғистонга $650 минглик, Россияга $500 минглик маҳсулот экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланган”, - деб таъкидлади корхона раҳбари Озод Эгамов.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра, помидорнинг “Дафнис Ф1” нави парваришланаётган иссиқхоналар шаҳар ҳудудидаги бўш ва қаровсиз ерларда барпо этилган.
“Дастлаб 3 гектар ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришни бошлаган эдик. Ташландиқ ерни серҳосил майдонга айлантириб, мўмай даромад ола бошладик. Шу боис, яна 3 гектар ерни ўзлаштириб, тўплаган тажрибамиз асосида помидор экдик. Бунда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки вилоят филиалидан олинган 500 миллион сўм кредит маблағи қўл келди”, - дейди Эгамов.
Эндиликда тадбиркор маҳсулотни қадоқлаш цехи ва уни сифатли сақлаш учун 400 тонна сиғимга эга совутгич барпо этиш борасида иш олиб бормоқда. Бу корхонада ишчилар сонини 50 нафарга етказишга имкон беради.
Сурат манбаи: http://designdachi.ru/vyrashhivanie-tomatov-v-teplice-iz-polikarbonata-agrotexnika/