ХВЖ аҳоли турмуш даражасини ошириш ишида Ўзбекистоннинг ҳамкори бўлиш ниятида

Дата: 14:34, 20-09-2017.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) аҳоли турмуш даражасини ошириш ишида Ўзбекистоннинг ҳамкори бўлиш ниятида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу фикр ХВЖ фармойиш берувчи директори Кристин Лагарднинг 19 сентябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан кейинги баёнотида очиқланди.

“Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашганимдан ғоят мамнунман. Ўзбекистон раҳбарияти кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу, аввало, яқинда амалга оширилган валютани тартибга солиш тизимидаги ўзгаришларга тегишлидир. Биз иқтисодиётни мустаҳкамлаш, янада кўп иш ўринлари яратиш, барқарор ва комплекс тараққиётга эришишда муҳим аҳамият касб этадиган ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз”, - дейилади баёнотда.

Шундан кейин таъкидланишича, Кристин Лагард Президент Шавкат Мирзиёевни қўшни мамлакатлар билан минтақавий ҳамкорликни яхшилашга доир ташаббуслари билан қутлаган. “Минтақавий ҳамкорлик сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, самарали минтақавий энергетика тизимини яратиш ва транспортни ривожлантириш каби йирик муаммоларни ҳал қилишда жуда муҳим ўрин тутади”, - дейилади баёнотда.

“Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёни узоқ давом этади ва бу осон кечмайди. Мен иқтисодий ўсишнинг янада юқори суръатларига эришиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлида Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон билан қатъий ҳамкорликка тайёр эканини тасдиқлайман”, - дея таъкидлади Лагард.

Янгилик билан ўртоқлашиш: