Киевда Алишер Навоийнинг ҳайкали ўрнатилиши мумкин

Дата: 16:26, 14-12-2017.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – Киевда шоир Алишер Навоийнинг ҳайкали ўрнатиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу тўғрида, хусусан, Киев шаҳар давлат маъмурияти раиси Виталий Кличконинг Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев билан учрашувида сўз кетди.

“Томонлар Киев шаҳрида Шарқ шоири Алишер Навоийнинг ҳайкалини ўрнатиш масаласини алоҳида муҳокама қилдилар”, - дейилади image.ua сайтидаги хабарда. 

Хабар берилишича, Кличко Абдуалиевга пойтахтнинг Kyiv Smart City лойиҳасини амалга оширишдаги ютуқлари ва электрон демократия воситалари, шаҳар хабарномалар хизматлари ҳамда жамоат транспорти ҳаракатини назорат қилиш тизимини намойиш қилган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон элчиси Киев ҳокимияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, қурилаётган йўллар ва яратилган шароитлардан қониқиш билдирди.

Ўзбекистон элчиси учрашувда Киев шаҳри эҳтиёжлари учун Ўзбекистонда етакчи немис ва япон компаниялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган шаҳар автобуслари, махсус техникалар (сув ташиш машиналари, ёнғин машиналари, ассенизатор ва бошқалар) етказиб бериш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Виталий Кличко, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг анъанавий бозорларни ташкил қилишдаги катта тажрибасини ҳисобга олган ҳолда,  Ўзбекистоннинг манфаатли вакиллари билан Киев бозорларини реконструкция қилиш ва бошқариш масалаларини муҳокама қилишни таклиф этди. 

Сурат манбаи: https://www.dentons.com/en/global-presence/russia-and-cis/ukraine/kyiv

Янгилик билан ўртоқлашиш: