Ким Ўзбекистонда технопарк резиденти мақомини олиши мумкин

Дата: 16:26, 16-07-2019.

Тошкент. 16 июль. ЎзТАГ – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Ўзбекистонда ким технопарк резиденти мақомини олиши мумкинлиги баён этилган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вазирликнинг маълум қилишича, "Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарори (№589, 15.07.2019 й.) қабул қилинди.

"Технопарк резиденти мақомини олиш учун Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтган юридик шахслар мурожаат қилишлари мумкин. Шунга кўра, рўйхатга олиш учун ариза берувчи дирекцияга барча керакли ҳужжатларни (бизнес-режа ва бошқалар) илова қилган ҳолда ариза беради. Дирекция тақдим этилган ҳужжатларни 15 иш кунидан ошмайдиган муддатда кўриб чиқади. Аризачи технопарк резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ариза берувчи 5 иш куни мобайнида директор билан технопарк резидентининг фаолият шартлари тўғрисида шартнома тузади. Шартнома тузилгандан сўнг 3 иш куни ичида дирекция юридик шахсга уни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома беради", – дейилади хабарда.

Бундан ташқари, қарорда дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш, уларни ички ва ташқи бозорларда илгари суриш, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш технопарк фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

 

Сурат манбаи: mitc.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: