Комик Сергей Светлаков ўзининг Eshak ресторани билан боғлиқ можарога изоҳ берди

Дата: 16:57, 13-12-2016.

Тошкент. 13 декабр. ЎзТАГ – Россиялик комик Сергей Светлаков ўзининг екатеринбургдаги Eshak ресторани билан боғлиқ можарога изоҳ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ведомости Урал” берган маълумотларга кўра, у ресторанни очиш билан ўзбекларни хафа қилиш ниятида бўлмаган.

“Агар рекламамизда эшак сурати бўлиб, “Эшак” деб ёзилган бўлса, бундан фақат ўша эшакнинг ўзи хафа бўлиши мумкин. Даргоҳимизнинг барча реклама материаллари Шарққа чуқур эҳтиром билан яратилган. Шахсан мен учун эшак болалигимдан қолган эртаклардаги самимий жонивор... Шурик ёки Насриддиннинг саргузаштларини эшаксиз тасаввур қилолмайман. Собиқ совет ҳудудида шарқ ошхонасини илгари суришимиз барча диаспоралар томонидан илиқ кутиб олинди. Шарқона ҳикматда айтилганидек, “Иштаҳа биринчи луқмадан сўнг, жанжал сўздан бошланади”. Шунинг учун барча масалаларни шахсан келишиб, бир бирини ҳурмат қилган ҳолда ҳал қилиш керак. Умид қиламанки, кимдир бизни нотўғри тушунган. Ҳар қандай ҳолда ҳам ресторанимизда инсонларни неъматларга тўла стол ва илиқ сўзлар кутади”, - деб таъкидлади Сергей Светлаков.

Эслатиб ўтамизки, Eshak ресторани нафақат Екатеринбург, балки Москва ва Киевда ҳам бор.

Олдинроқ “Урал-Ўзбекистон” дўстлик жамияти вакили Обид Туратов урал ўзбек диаспораси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Свердловск вилояти маъмурияти ва вилоят прокуратурасига Сергей Светлаковнинг ресторани рекламасини экстремизмга текширишни сўраб мурожаат қилган эди. Диаспора етакчисининг сўзларига кўра, шарқона кийимдаги бир қозон ошни ушлаб олган Светлаков рекламада ўзбек халқининг салбий ва ҳақоратли образини яратган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: