Korea Telecom Ўзбекистонда электроэнергияни ҳисоблаш тизимини модернизация қилади

Дата: 19:20, 11-05-2015.

Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – Жанубий Кореянинг Korea Telecom компанияси “Ўзбекэнерго” давлат-акционерлик компанияси (ДАК) билан биргаликда мамлакатнинг уч вилояти – Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги электроэнергияни ҳисоблаш тизимини модернизация қилади. Лойиҳанинг умумий қиймати – $101 млн, деб хабар қилди Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) мухбирига душанба куни “Ўзбекэнерго” вакили.

“Шартнома 2013 йил баҳорида электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисоблашнинг автоматлашган тизимини (ЭЭНҲАТ) яратиш бўйича эълон қилинган тендер якунлари бўйича имзоланди”, - деб аниқлаштирди ДАК вакили.

Конкурс натижаларига кўра, ғолиб иккитомонлама алоқа тизими технологияси асосида 1 млн ҳисоблаш қурилмалари ўрнатади ва юқоридаги уч вилоят истеъмолчилари 0,4 кВ тармоқларида ЭЭНҲАТ қуради. Лойиҳани амалга оширишга 2,5 йил ажратилган.

Умумий қиймати $210 млн атрофида бўлган лойиҳа Осиё тараққиёт банки томонидан бериладиган $150 млн кредит ва “Ўзбекэнерго” маблағлари ҳисобига молиялаштирилмоқда. Korea Telecom лойиҳанинг технологик томонига жавоб беради, ўзбек томони эса тегишли инфраструктурани қуради.

Бундан олдин “Ўзбекэнерго” 2017 йил охирига қадар Тошкентда ва республиканинг барча ўн икки ҳудудида маиший истеъмолчилар учун ЭЭНҲАТ жорий қилиши ҳақида хабар қилинган эди. Дастур доирасида ҳисоблаш, биллинг тизими, тегишли алоқа тизими маълумотларини бошқариш тизимини жорий этиш ва 5,68 млн электр қувватини ҳисоблаш қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилган эди.

Умумий қиймати $800 млндан ошиқ бўлган лойиҳа халқаро молия институтлари кредитлари ҳамда ўзбекистоннинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: