Корея институти Ўзбекистон вилоятларида тўқимачилик технопарки филиалларини ташкил этиши мумкин

Дата: 14:35, 21-02-2019.

Тошкент. 21 феврал. ЎзТАГ – Корея саноат технологиялари институти (KITECH) Ўзбекистон вилоятларида тўқимачилик технопарки филиалларини ташкил этиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси маълумотларига кўра, KITECH делегацияси билан учрашувда Тошкентда “Корея Республикаси Ҳукуматининг расмий тараққиёт ёрдами” доирасидаги грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган Корея-Ўзбекистон тўқимачилик Технопарки лойиҳанинг бугунги ҳолати муҳокама қилинди.

“Учрашув доирасида истиқболда Ўзбекистон вилоятларида Технопаркнинг қўшимча филиалларини ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Бу эса мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида малакали мутахассислар тайёрлаш ва малака оширишлари учун кенг имкониятлар яратади”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, томонлар биргаликда амалга оширилаётган “ноу-хау” лойиҳалари ва технологияларни амалиётга татбиқ этишдаги ҳамкорлик, маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари сифатини назорат қилиш ва сертификатлаш, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга қаратилган чора-тарбирларни алоҳида таъкидлашди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил июлда Mirzo Ulugbek Innovation Center ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни қўллаб-қувватлаш маркази ва Корея Республикаси технопарклар уюшмаси Тошкентда тўқимачилик технопаркини яратиш ҳақида келишувга келган эдилар.

 

Сурат манбаи: uzts.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: