Корея Республикаси Сурхандарё вилоятини ўз фуқаролари учун бориш хавфли бўлган ҳудудлар рўйхатидан чиқарди

Дата: 15:07, 13-03-2018.

Тошкент. 13 март. ЎзТАГ – Корея Республикаси Сурхандарё вилоятини ўз фуқаролари учун бориш хавфли бўлган ҳудудлар рўйхатидан чиқарди, деб хабар қилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Бунга қадар ушбу ҳудуд хавф юқори бўлган зона сифатида кўрилиб, корейс сайёҳларига ташриф буюриш учун тавсия қилинмас эди.

“Корея Республикаси элчиси Квон Ён-У вилоятга ташриф буюриб, ривожланаётган инфратузилма ва бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди ва туризм саноатини ривожлантириш, энг асосийси, туризм полицияси фаолияти ҳамда туризм хавфсизлиги концепцияси тўғрисидаги маълумотларга эга бўлди. Ушбу тизим мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида муваффақиятли амал қилмоқда”, - дейилади хабарда.

Шундан кейин таъкидланишича, юқоридагилардан келиб чиқиб, Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2 мартдан Термизни ва Афғонистон билан чегарадош туманларни Корея фуқароси саёҳат вақтида ўта диққат қаратиши лозим бўлган ҳудуд рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарорни бекор қилди. Бу эса, кореялик минглаб сайёҳларни Ўзбекистонга ташриф буюришга қизиқтиради, шунингдек, иқтисодиёт, туризм ва маданият соҳаларида ҳамкорликнинг ривожига кўмаклашади.

Сурат манбаи: http://xs.uz/index.php/uzhzhatlar/item/12621-146

Янгилик билан ўртоқлашиш: