Корейс биржаси Ўзбекистонда фонд бозори учун Ягона дастурий-техник мажмуани ишга туширади

Дата: 13:44, 11-05-2016.

Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – 2016 йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистонда фонд бозори учун Ягона дастурий-техник мажмуа ишга туширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Лойиҳа доирасидаги ишлар Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Корейс биржаси ўртасидаги Бош келишувга мувофиқ амалга оширилмоқда. Корейс ҳамкорлар мажмуани тўлиқ тайёр ҳолида топшириш мажбуриятини олганлар. Ўзбек томонидан лойиҳа Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан мувофиқлаштирилмоқда.

“Бугунга келиб Корейс биржаси замонавий сервер ва телекоммуникация ускуналарини етказиб бериб, ўрнатишни якунлади. Махсус дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Шундан кейин мажмуа маҳаллий мутахассисларни ўқитиш мақсадида синов тариқасида ишга туширилади. Шунингдек, ўтган йил декабрда махсус Ахборот-ресурс маркази ташкил этилган эди”, - деб таъкидлашди Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказида.

Экспертларнинг баҳоларига кўра, мажмуанинг жорий этилиши қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказишни максимал даражада соддалаштиради. Бу эса бозорнинг инвесторлар учун қизиқарлилигида ижобий акс этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: