Корейс диаспорасининг 283 вакиллари юқори давлат мукофотлари билан тақдирланган
Тошкент. 20 ноябр. ЎзТАГ – Корейс диаспорасининг 283 вакиллари юқори давлат мукофот ва унвонлари билан тақдирланган, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилаётганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига йўллаган мактубида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Биз корейс миллатига мансуб юртдошларимизнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш – саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини мустаҳкамлаш, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар тараққиётига қўшаётган ҳиссасини юксак қадрлаймиз. Мамлакатимизда катта обрў-эътибор қозонган 283 нафар корейс миллатига мансуб юртдошимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган”, - дея қайд этди Мирзиёев.
Улар орасида, дея таъкидлади давлат раҳбари, депутатлар, ҳукумат аъзолари, хизмат кўрсатган фан, маданият ва санъат арбоблари, юқори малакали мутахассислар бор. “Булар қаторида таниқли қишлоқ хўжалиги ходимлари Ким Пен Хва ва Хван Ман Гим, Ўзбекистон Қаҳрамони, Хивадаги Меҳрибонлик уйи директори Вера Пак, мактабгача таълим вазири, сенатор Агриппина Шин, сенатор Валерий Тян, Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчиси Виталий Фен, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак, бокс бўйича жаҳон кубоги соҳиби Владимир Шин, рассом Николай Шин, академик Владимир Ким, тиббиёт фанлари доктори, профессор Александр Шек ва бошқаларни алоҳида эътироф этиш керак”, - деб санаб ўтди Ўзбекистон президенти.


