Корейслар “Тошкент-4” пассажир терминалини лойиҳалаштирадилар

Дата: 15:46, 20-10-2017.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси “Тошкент-4” йўловчи терминалини лойиҳалаштириш ва “Тошкент-2” терминалидан фойдаланишни оптималлаштириш масалалари бўйича “Инчон” халқаро аэропорти корпорацияси (Жанубий Корея) билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

МАК маълумотларига кўра, корейс томони Ислом Каримов номидаги “Тошкент” пойтахт аэропортида йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш учун бўлажак маслаҳатчи сифатида таклиф этилди.

Кореялик ҳамкорлар лойиҳалаштирилаётган “Тошкент-4” терминали ҳажмлари ва лойиҳа бўйича капитал қўйилмаларини ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек, мавжуд “Тошкент-2” терминалида қулайлик ва сервис даражасини кўтариш ва режалаштирилган ечимларни қайта кўриб чиқиш йўли билан унинг ўтказувчанлик хусусиятини ошириш бўйича ўз қарашларини тақдим этдилар.

Қайд этиш зарурки, Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти бугунги кунда МДҲдан Жанубий-Шарқий Осиё, Европа ва Америка мамлакатларига йўналган ҳаво йўлларининг кесишган ерида жойлашгани сабабли қулай географик жойлашувга эга.

Аэропорт дунёнинг деярли барча ҳаво маршрутлари билан боғланган. Аэродром икки учиш-қўниш йўлагига эга бўлиб, барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга. “Тошкент-2” терминалининг ўтказувчанлик хусусияти бугунги кунда соатига 1000 йўловчини ташкил этади. Унинг хизматларидан йилига 2,5 млн йўловчи фойдаланмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: