Корейслар ўзбек фонд бозорини модернизация қилишга ёрдам беради

Дата: 21:28, 02-12-2015.

Тошкент. 2 декабр. ЎзТАГ – Тошкентда фонд бозорини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида ахборот технологиялари соҳасидаги корейс экспертлари делегацияси ташрифи бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказидан хабар қилишларича, дунёдаги энг йириклардан бири бўлган Корейс фонд биржаси (Korea Exchange) билан келишувга кўра, корейс томони Ўзбекистон фонд бозори учун Ягона дастурий-техник мажмуани ишлаб чиқиб, етказиб берадилар. Корейс томони қиймати $6 млн ишланма ўрнига “Тошкент” РФБ давлат акцияларининг бир кам 25% акциясини оладилар.

Корейс делегациясига лойиҳа менежери Къеил Джунг (Kyooil Jung) бошчилик қилди.

Ташрифдан кўзланган мақсад республика фонд бозорида амалдаги савдо технология ва механизмлари, корпоратив қимматли қоғозлар ҳисоб китоби, клиринг, қимматли қоғозлар учун ҳисоб-китоб ва операциялар устидан назорат йўналишларидаги қоидалар ва тажрибани ўрганиш, шунингдек, Мажмуа ускуна ва дастурий таъминотини етказиб бериш графигини муҳокама қилиш бўлди.

Корейс делегацияси Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази, Ўзмиллийбанк, Марказий депозитарий, “Тошкент” РФБ масъул мутахассислари ва бозор иштирокчилари билан учрашувлар ўтказди.

Маълумки, Ўзбекистон фонд бозорини модернизация қилиш ишлари давлат раҳбарининг “Фонд бозорини янада ривожлантириш бўйича чоралар тўғрисида ги қарорига мувофиқ ўтказилмоқда.

Корейс фонд биржаси 2005 йил январда уч савдо ташкилотчиларини (KSE, Kofex, Kosdaq) бирлаштириш ҳисобига ташкил этилган. Ҳозирда КФБ 1991 листинг компанияларининг акциялари билан савдо қилинади. Бу ердаги капитализация ҳажми бўйича энг йирик листинг компанияси – Samsung Electronics (195,46 трлн вон).

Янгилик билан ўртоқлашиш: