Кристин Лагард Шавкат Мирзиёевга мамлакатда молия тизимида амалга оширилаётган чораларни қўллаб қувватлашга ваъда берди

Дата: 10:44, 20-09-2017.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Ҳалқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард  Шавкат Мирзиёевга мамлакатда молия тизимида амалга оширилаётган чораларни қўллаб қувватлашга ваъда берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, “Кристин Лагард Халқаро валюта жамғармаси техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали Ўзбекистон молия тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг 19 сентябр куни Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагардни қабул маросимидан берган хабарида.

“Давлатимиз раҳбари ушбу учрашувдан мамнунлигини билдириб, Халқаро валюта жамғармаси жаҳон иқтисодиётидаги вазиятнинг яхшиланишида муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади”, - дейилади хабарда.

Хабарда таъкидланишича, жамғарма мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. “Жорий йил май ойида Ўзбекистон делегацияси Халқаро валюта жамғармасида валюта сиёсатини ислоҳ қилиш бўйича учрашув ўтказди. Июль ва сентябрь ойларида Жамғарма экспертлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, вазирлик ва идораларда иқтисодий ислоҳотлар бўйича фикр алмашди”, - деб қайд этилади хабарда.

Кристин Лагард Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор эканини таъкидлади.

Эслатиб ўтамизки, 2017 йил 2 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда валюта муомаласида бозор механизмлари жорий этилгани соҳадаги маъмурий тўсиқларни бартараф этди, бизнес вакиллари учун тенг шароитлар яратди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: