Кураш бўйича Ўзбекистон термаси Туркияга олимпиа лицензиялари ортидан жўнаб кетади

Дата: 14:38, 04-05-2016.

Тошкент. 4 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон термасининг 2016 йилнинг 6-8 май кунлари Туркиянинг Истамбул шаҳрида спорт курашлари бўйича XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари ўйналадиган иккинчи жаҳон саралаш мусобақасида қатнашувчи таркиби маълум бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мазкур нуфузли мусобақа спорт курашлари бўйича “Рио-2016” ўйинларига йўлланмалар ўйналадиган сўнгги саралаш босқич мусобақаси бўлиб, унда Ўзбекистон шарафини жами 11 нафар спортчимиз ҳимоя қилади. Таъкидлаш жоизки, оғирлик вазни 74 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида бу сафар Бекзод Абдураҳмонов Рашид Қурбонов ўрнига беллашувларда иштирок этади”, - деб таъкидлашди Спорт курашлари уюшмасида.

Эркин курашда Ўзбекистон шарафини Аббос Раҳмонов (-57 кг), Бекзод Абдураҳмонов (-74 кг), Умиджон Исманов (-86 кг), Ҳасанбой Рахимов (-125 кг) ҳимоя қилади. 

Юнон-рим курашида Арам Варданян (-66 кг), Аброрбек Мамасолиев (-98 кг) ҳимоя қилади.

Аёллар курашида ҳам кўп сонли жамоа қатнашмоқда. Булар Даулетбике Яхшимуратова (-48 кг), Шаҳодат Жуллибаева (-48 кг), Саломат Кучимова (-58 кг), Холбозор Норбоева (-63 кг), Лалахан Оринбаевалардир (-75 кг).

Эслатиб ўтамизки, бугунги кунга келиб спорт курашларида 6 нафар полвонимиз йўлланма олганлар. Булар Рустам Ассакалов, Дилшод Турдиев, Елмурат Тасмурадов, Мўминжон Абдуллаев (барчаси юнон-рим кураши), Ихтиёр Наврўзов, Магомед Ибрагимовлардир (эркин кураш).

Янгилик билан ўртоқлашиш: