Кураш ёзги Осиё ўйинлари расмий дастурига киритилди

Дата: 16:37, 17-09-2015.

Тошкент. 17 сентябр. ЎзТАГ – Кураш ёзги Осиё ўйинлари расмий дастурига киритилди, деб хабар қилади Халқаро кураш уюшмаси (IKA) матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, яқинда Осиё олимпия кенгашининг (ОСА) Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Бош ассамблеясида курашни 18-Ёзги Осиё ўйинлари расмий дастурига киритиш ҳақида қарор қабул қилинди.

“Бугун (16 сентябр - ЎзТАГ) кураш, IKA ва бизнинг спортимиз ихлосмандлари учун чинакам тарихий кун бўлди. Курашнинг бу қадар муҳим қитъа мусобақаларининг расмий дастурига киритилиши курашнинг нафақат Осиё, балки бутун дунёда оммалаштиришнинг янги босқичи бошланганидан далолат беради. IKA номидан ОСА, унинг президентига ва Миллий олимпия қўмиталари уюшмасига, Осиё кураш Конфедерацияси фахрий президенти Шайх Аҳмад Ал-Фахад Ал-Сабахга курашни 18-Ёзги Осиё ўйинлари расмий дастурига киритишга қўшган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдираман”, - деди вақтинчалик IKA президенти вазифасини бажарувчи ва Осиё Олимпиа кенгаши департаменти директори Хайдар Фармон.

Дастурга мувофиқ, Индонезияда ўтадиган ўйинларда кураш бўйича 15 комплект медаллар учун баҳс боради, булардан 7 вазн тоифаси эркакларга, 8 вазн тоифаси аёлларга тегишли бўлади.

Шундай қилиб, эдиликда кураш учта турли Осиё ўйинлари - 2016 йилги Вьетнамдаги пляж Осиё ўйинлари, бинолардаги Осиё ўйинлари ва жанговор санъатлари (2017 йил, Туркманистон) ва 2018 йилги Индонезиядаги Осиё ўйинларига киритилди.

Эслатиб ўтамизки, ОСА шафелигида ҳар 4 йилда ўтказиладиган 18- Осиё ўйинлари Жакартада (Индонезия) 2018 йил 18 августдан 2 сентябргача ўтказилади. У Олимпиа ўйинларидан кейин катталиги ва аҳамиятига кўра иккинчи ўринда туради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: