Кузда Мадридда испан-ўзбек бизнес-форуми ўтказилади
Тошкент. 15 август. ЎзТАГ – Октябрда Мадридда испан-ўзбек бизнес-форуми ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу режалар Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонасида маҳаллий «Тадбиркорлар ассоциацияси” (СБОЕ International) директори ўринбосари Хосе Гарсия-Моралес билан бўлган учрашувда муҳокама қилинди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасидан хабар қилишларича, Гарсия-Моралес бизнес-форумдан ташқари Испанияда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестицион салоҳияти тақдимотини ўтказишни ҳам таклиф қилган.
Икки мамлакат ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш ва икки марта солиққа тортишга йўл қўймаслик ҳақидаги ҳукуматлараро келишув ва даромад ва капиталга солиқ тўлашдан бош тортишга йўл қўймасликка доир конвенция амалда.
Бундан ташқари, икки мамлакат иқтисодиёт вазирликлари, “Ўзбектуризм” МК ва Испания Қироллиги Саноат, туризм ва савдо вазирлиги ўртасида ўзаро тушунишга доир меморандумлар имзоланган.
Ҳозирда Ўзбекистонда испан капитали иштирокида очилган 12 корхона ишламоқда, улардан олтитаси 100% хориж капитали асосида ташкил қилинган. Улар орасида Maxam-Chirchiq (азот саноати), Ammofos-Maxam (фосфат ўғитлар), Maxam Uzbekistan (кимё саноати маҳсулотлари), Hispantex (трикотаж буюмлар ишлаб чиқариш), Pantentes Talgo Tashkent (маркетинг тадқиқотлари, тижорат фаолияти, молия ва бошқарув бўйича маслаҳатлар) кабилар бор.
Ўзбекистон ТИАИСВда испаниянинг Marti & Deba, S.L. (мармар, гранит каби табиий тошларни қазиб олиш ва уларга ишлов бериш, қурилиш объектларини тўлиқ ҳолда қуриш лойиҳаларини бошқариш), Intec Energiya S.A. (инжиниринг ишлари, электростанциялар учун ускуналар етказиб бериш, шу каби лойиҳаларда қатнашиш), Laintex Veterani S.A. (улгуржи савдо) компаниялари рўйхатга олинган.


