Кузда Тошкентда ФИДЕ Гран-приси босқичи ўтказилади

Дата: 15:13, 26-08-2014.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – Кузда Тошкентда эркаклар ўртасида 2014-2015 йилги ФИДЕ Гран-приси босқичларидан бири ўтказилади. Ўзбекистон пойтахти турнир ўтказилиш жойи сифатида Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) томонидан танланган, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ФИДЕ сайтидаги маълумотларга кўра, эркаклар ўртасида 2014-2015 йилги ФИДЕ Гран-при якунларига кўра шахмат бўйича 2014-2016 йилги жаҳон чемпионатига даъвогарлик йўлланмалари ўйналади.

Гран-при ўйинлари жадвалига тўрт турнир кирган. Улардан биринчиси 2014 йилнинг 1-15 октябрида Озарбайжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтади. Иккинчи турнир Тошкентда 20 октябрдан 3 ноябрга қадар бўлади. Учинчи турнирни 2015 йилнинг 14-28 феврал кунлари Эрон пойтахти Теҳрон қабул қилади. Ва ниҳоят, сўнгги турнир келаси йилнинг 13-27 май кунлари Россия пойтахти Москвада ўтказилади.

16 иштирокчилар таркиби жаҳон чемпионатлари ва шахсий рейтинг якунлари бўйича шакллантирилади.

Рейтинги 2700дан кам бўлмаган яна бир иштирокчи ФИДЕ президенти томонидан таклиф этилади, яна тўрт ўйинчи турнирга мезбонлик қилаётган томондан тавсия қилинади. Ҳар бир ўйинчи уч турнирда иштирок этиши лозим, уларда йиғилган очколар бўйича икки ғолиб аниқланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: