Кузга бориб Ўзбекистонда тиббий суғурта тўғрисидаги қонун концепцияси ишлаб чиқилади

Дата: 18:14, 10-04-2017.

Тошкент. 10 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда кузга бориб “Тиббий суғурта тўғрисида”ги қонун концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумотлар Ўзбекистон президентининг Lex.uz сайтида душанба куни тўлиқ матни эълон қилинган “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мавжуд.

Қонунда ҳар бир фуқаронинг тиббий суғурта тизими билан ҳар томонлама тўлиқ равишда қамраб олиниши кўзда тутилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, унда ҳар бир фуқаронинг тиббий ва профилактик хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, суғурта полисига мувофиқ юқори сифатдаги тўланган тиббий хизматлар тақдим этиш кафолатлари белгилаб қўйилади.

Мажбурий ва кўнгилли тиббий суғурта тизимида қатнашаётган фуқаролар учун рағбатлантирувчи имтиёз ва енгилликлар ишлаб чиқилиши зарур.

Қонунда Мажбурий ва кўнгилли тиббий суғурта тизимининг ҳуқуқий асослари, тиббий хизматлар тарифларини назорат қилиш масалалари, суғурта мажбуриятлари, бадаллари ва тўловларини белгилаш масалалари кўрсатиб берилиши ҳам кутилмоқда.

Тиббий суғурта маблағларини бошқариш мақсадида Мажбурий тиббий суғурта фондини ташкил қилиш режалаштирмлмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: