Латвия Фарғонада Ахборот тизимлари Олий менеджмент мактаби филиалини очишни таклиф қилди

Дата: 09:03, 19-04-2018.

Тошкент. 19 апрел. ЎзТАГ – Латвия Ўзбекистонга икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиарейслар сонини кўпайтириш ва Фарғонада Ахборот тизимлари менеджменти Олий мактаби филиалини очишни таклиф қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Латвия Сейми раиси Инара Мурниеце бошчилигидаги Латвия делегациясининг ушбу таклифи Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти билан учрашувда айтиб ўтилди.

ТСВдан хабар беришларича, делегация раҳбарининг сўзларига кўра, Латвия транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор беради.

Ўз навбатида, ўзбек томони юк ташиш тарифлари, шу жумладан темир йўл транспорти орқали ташиш учун чегирмалар тақдим этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.

“Латвиянинг Рига ва Лиепая шаҳарлари портларига чиқишга имкон берувчи мавжуд транспорт коридори ҳар икки йўналишда юк ташиш ҳажмини янада ошириш учун сезиларли салоҳиятга эга. Икки мамлакат транспорт тизимлари орқали товарларни транзит қилиш учун тарифларни оптималлаштириш, Ўзбекистон ва Латвия ҳудудлари бўйлаб юк ташиш ҳажмини сезиларли даражада оширади”, - деди Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев.

Томонлар, иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича икки томонлама ҳукуматлараро комиссия мажлисидан олдин, саволларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини тасдиқлашди.

Латвия томони, комиссиянинг келгусидаги мажлиси тартибини Латвия Республикаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва минтақавий ривожланиш вазири К. Герхардснинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида муҳокама қилиниши ҳақида маълумот берди.

Ҳукуматлараро музокаралардан ташқари, Латвия парламенти аъзолари икки мамлакат ишбилармон доираларининг тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга имкон берувчи Ўзбекистон-Латвия бизнес-кенгашини ташкил этишни таклиф қилдилар.

Учрашув доирасида Латвия делегацияси Ўзбекистон Республикасининг Болтиқбўйи минтақасида савдо-иқтисодий манфаатларини илгари суришга тайёр эканини таъкидлади. Хусусан, айрим масалаларни муҳокама қилиш учун Латвия Республикаси фаол иштирок этадиган “Шимолий-Болтиқбўйи Саккизлиги” (NB-8) майдонидан фойдаланиш таклиф этилди.

Учрашув доирасида Латвия томонидан Фарғонада “Туризм, меҳмонхона ва ресторан хизматлари” йўналиши бўйича Ахборот тизимларини бошқариш олий мактаби филиалини очиш ва шунингдек, катта тажриба тўплашга улгурган электрон ҳукумат ва яшил технологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилишда қизиқиш билдирилди.

Сурат манбаи: http://rus.tvnet.lv/novosti/politika/353081-murnietse_vmesto_rossiyskogo_posla_vstretitsya_s_ukrainskim

Янгилик билан ўртоқлашиш: