Латвия компанияси Ўзбекистонга мобиль “қуллик”дан халос бўлишга ёрдамлашади
Тошкент. 23 июн. ЎзТАГ – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Hansa Telecom (Латвия) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Учрашувда Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди. Хусусан, Hansa Telecom компанияси истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон мобиль алоқа абонентлари рақамларини операторлараро кўчириш хизматини (MNP – mobile number portability) йўлга қўйиш бўйича лойиҳани амалга оширишни таклиф қилди”, - деб таъкидлашди вазирликда.
Hansa Telecoнинг фикрича, ушбу лойиҳа мобиль алоқа операторлари ўртасида рақобатни кучайтириб, абонентларга ўзларининг рақамларини сақлаб қолган ҳолда бошқа оператор хизматларига ўтиш имконини яратади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни давом эттиришга хайрихоҳлик билдириб, ушбу лойиҳани ҳар томонлама кўриб чиқишга келишиб олдилар.