Латвия президенти ушбу мамлакат портларини ўзбек товарлари транзити учун ишлатишни таклиф қилди

Дата: 16:24, 29-05-2014.

Тошкент. 29 май. ЎзТАГ – Латвия президенти Андрис Берзиньш Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида ушбу мамлакат портлари ва махсус иқтисодий ҳудудлар имкониятларини ўзбек товарлари транзити учун ишлатишни таклиф қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“...Бундан ташқари, биз амалда ишлаб турган “Балтика-транзит” контейнер поездининг имкониятларини кенгайтириш масаласини кўриб чиқишга тайёрмиз. Логистика соҳасида ҳамкорлик қила туриб, Латвия ўзбек товарлари транзити учун портларимиз ва махсус иқтисодий ҳудудларимиз афзалликларини таклиф қилишга тайёр. Президент Каримовнинг Ригага қилган ташрифидан кейин Латвияда ўзбек товарларининг дистрибьюторлик маркази ишлай бошлагани ҳам диққатга сазовордир. Ушбу марказ фаолияти Европага қаратилгандир”, деди Латвия раҳбари ОАВ вакилларига қарата Ўзбекистон раҳбарияти билан бўлган учрашувдан кейин пайшанба куни.
Берзиньшнинг сўзларига кўра, 2013 йилда Латвия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 46% ўсган. “Жорий йилнинг биринчи чорагида ўсиш ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда деярли уч баравар юқори бўлди. Агар кузда бизда 343 қўшма корхона бўлган бўлса, бу йилда уларнинг сони 392тага етди. Ўзбекистон бизнинг Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкоримиз ҳисобланади. Биз Ўзбекистоннинг глобал танназзул пайтида иқтисодиётни ривожлантиришда эришаётган ютуқларини юқори қадрлаймиз”, деб қайд этди Латвия президенти.

Янгилик билан ўртоқлашиш: