Латвия журнали Ўзбекистон ҳақида катта мақола чоп этди
Ташкент. 17 мая. УзТАГ – Латвиянинг «Люблю!” ҳафталик журналининг май сонида “Саёҳат” рукнида “Нима учун Ўзбекистонга бориш керак?” номли катта мақола чоп этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Туризм қўмитаси маълумотига кўра, мақолани Нина Дождева ёзган.
Мақола муаллифи “хўш, нима учун Ўзбекистонга бориш керак?” деган савол қўяди ва бунга қуйидаги жавоб беради:
“Бир мамлакатга саёҳат қилиш орқали бой тарихий ва маданий меросни кўз олдингизда гавдалантириш ҳамда дунёга машҳур Буюк Ипак йўлидаги шаҳарларнинг бир нечтасида бўлишни истасангиз, шу билан бирга, турли дин вакиллари учун муқаддас саналган зиёратгоҳларни ва юзлаб тарихий обидаларини зиёрат қилиш ниятида бўлсангиз, беш юлдузли меҳмонхона ёки саҳро қўйнида тикилган ўтовларда қолиб, эртаклардагидек шарқона бозорда истаган харидни амалга ошириб, ва ниҳоят, 14 хилдаги паловдан таъбингиздагисини танлаш имкониятига эга бўлмоқчи бўлсангиз унда Ўзбекистонга ташриф буюриш керак”.
Бу тавсиялар билан бирга муаллиф Регистон майдони афсоналари, Ҳожа Дониёр мақбараси тарихи ва Мирзо Улуғбек астрономия мактаби ҳақидаги Европа олимлари эътирофларини айтиб ўтади.
Эслатиб ўтамизки, Латвиянинг машҳур “Люблю!” оилавий журнали 19 йилдан бери Рига шаҳрида нашр этилади ва Латвия бўйлаб обуначиларига эга. Унинг саҳифаларидан турли туман қизиқарли бўлимлар ўрин олган.


