Лавров Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти дўстона муносабатларни давом эттириш тарафдори деб ҳисоблайди

Дата: 18:30, 18-01-2017.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти дўстона муносабатларни давом эттириш тарафдори деб ҳисоблайди.

“Россия ва Ўзбекистон муносабатлари, Ўзбекистон бир неча йил илгари Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти таркибидан чиқиб кетган бўлса-да, аллақачон стратегик шерикчилик муносабатларига айланиб бўлган. Бизнинг иккитомонлама иттифоқчилик муносабатларимиз халқаро-ҳуқуқий асосларда мустаҳкамланган”, - деди С.Лавров Москвадаги матбуот анжуманида.

Унинг фикрига кўра, Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти дўстона муносабатларни давом эттириш тарафдори.

“Биз Ўзбекистоннинг янги президенти ва янги раҳбарияти мазкур муносабатларни давом эттиришни мақсад қилган деб ҳисоблаймиз ва биз буни қутлаймиз”, - деб таъкидлади Лавров.

Шунингдек, у РФ Ўзбекистон билан муносабатларни чуқурлаштиришга умид қилишини таъкидлади.

“Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси ва бошқа қўшнилари билан муносабатларини чуқурлаштиришни қўшимча имкониятларига ҳам умид боғламоқдамиз. Бу мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қилади”, - деди РФ ТИВ раҳбари.

Янгилик билан ўртоқлашиш: