“Локомотив”нинг Осиё чемпионлар лигаси плей-оффига чиқиши қийинлашди
Тошкент. 12 апрел. ЎзТАГ – Тошкентнинг “Локомотив” клуби Осиё чемпионлар лигаси плей-оффи босқичига чиқиш вазифасини қийинлаштирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Куни кеча жамоа ўз майдонида Осиё чемпионлар лигаси тўртинчи турида эроннинг “Истиқлол” жамоаси билан дуранг (1:1) ўйнади.
Ҳисобни майдон эгалари очдилар. “Темирйўлчилар” ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов 13-дақиқада жарима майдонига юқоридан тўп узатди ва уни Марат Бикмаев дарвозага йўллади. Аммо ўйин тугашига олти дақиқа қолганда Кавех Резаи ҳисобни тенглаштирди.
Эндиликда тўртинчи турдан сўнг “Локомотив” “А” гуруҳида 4 очко билан учинчи ўринни эгаллаб турибди. “Истиқлол” жамоаси гуруҳ етакчилигини сақлаб қолди (7). Саудия Арабистонининг “Ал-Таавун” жамоаси (4) ва БААнинг “Ал-Аҳли” клуби (4) бир заҳира ўйини бўлган ҳолда навбати билан иккинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллашган.