Лола Каримова Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси лавозимини тарк этмоқда

Дата: 12:53, 02-02-2018.

Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси лавозимини тарк этмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бугун менинг Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси сифатидаги сўнгги иш куним. 10 йил давомида дипломат сифатидаги фаолиятим, албатта, ҳаётимнинг муҳим қисми бўлди. (...) Мен ЮНЕСКОдаги элчилик вазифасини тарк этишга қарор қилган бўлсам-да, маданият, таълим, илм-фан ва атроф муҳитни асраш соҳасидаги лойиҳаларга оид фаолиятимни давом эттираман”, - деб ёзди Лола Каримова-Тиллаева Facebookдаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, у “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси ишини давом эттириш ниятида.

“Шунингдек, мен “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармасининг гуманитар ишини давом эттириш ниятидаман, ва бундан сўнг ҳам оғир юрак хасталиклари билан оғриган болаларга француз шифокорлари билан ҳамкорликда жарроҳлик муолажаларини ўтказиш бўйича дастурларни амалга оширишда давом этаман. Бундан танқари, имконияти чекланган болажонларга ва ёрдамга муҳтож бошқа ўзбекистонлик болаларга кўмак дастурларини давом эттираман”, - дея таъкидлади Лола Каримова-Тиллаева.

Шунингдек, у Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили сифатидаги ишларига доир ҳисобот билан ўзининг расмий сайтида танишиш мумкинлигини маълум қилди. 

Сурат манбаи: http://ratel.kz/raw/situatsija_na_granitse_s_uzbekistanom_zelenyj_pasport_da_sinij_net

Янгилик билан ўртоқлашиш: