Лола Каримова ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида АҚШдаги эркинлик ҳақида ёзув қолдирди

Дата: 17:04, 23-10-2017.

Тошкент. 23 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг марҳум президентининг Лола Каримова ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида АҚШдаги эркинлик ҳақида ёзув қолдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилиш мен учун, аёл сифатида, жуда муҳим аҳамият касб этди. Бу ерда мен инсон ҳаётининг асосий омилларидан бири бўлмиш, менинг фундаментал ҳуқуқим – сўз эркинлигини кундалик равишда қўлламоқдаман. Ҳар жиҳатдан, санъат ва мода соҳаларига қизиқиш, сиёсий қарашларни эркин ифода этиш орқали, ўзлигингни борича намоён эта билиш ва ҳаётингга шукрона айтган ҳолда, эркин шахс бўлиш, ҳурлик туйғуси онгу шуурингга кириб бориши нақадар муҳимлигини англамоқдаман”, - деб ёзади у ижтимоий тармоқда.

Фарзандларимни ҳам ўз фикрларини эркин ифода этишга ўргатиб келяпман, деб давом этади Каримова. “Эркаклар ва аёллар тенг эканлигига қатъий ишонаман; ҳар бир инсон индивидуал шахс бўлиб, ўз фикрлари, ҳиссиётлари ва қарашлари билан олий қадриятдир”, - деб таъкидлайди у.

Унинг сўзларига кўра, “ҳар бир шахс ўз фикрларини эркин ифода эта олиши ўта муҳим. Ҳар биримиз ўз ижодий ғояларимизни, бу модалар дунёси, хоҳ мусиқа, шеърият, пазандачилик, спорт ёки рақс бўладими, амалга оширишга ҳақлимиз деб ўйлайман.

“Ҳаётимда дунёнинг кўп жойларида бўлдим, ўз аёллик кучимни кашф қилдим, ўзлигимни ифода этишда ўз овозимдан фойдаланишни келажакда ҳам давом эттириш ниятидаман”, - деб хулоса қилади Ўзбекистоннинг марҳум президентининг қизи.

Янгилик билан ўртоқлашиш: