“Lotte Mart” компанияси Кореяга ўзбек экспортини қўллаб-қувватлайди
Тошкент. 3 июн. ЎзТАГ – Самарқанддаги “Bofanda” текстиль корхонасининг маҳсулоти “Lotte Mart” компанияси орқали Кореяга экспорт қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бунга Жанубий Корея ширкати вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида келишиб олинди. “Lotte Mart” билан асосий музокаралар Ўзбекистон Миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасида бўлиб ўтди.
Жамғармадан хабар беришларича, учрашувда ўзбек қишлоқ хўжалик маҳсулотларини корейс диёрига экспорт қилиш масалаларида қатор келишувлар имзоланди.
Ташриф доирасида корейс делегацияси текстиль, боғдорчилик, мева-сабзовот, озиқ-овқат саноати соҳаларида фаолият юритувчи қатор корхона ва фермер хўжаликларида бўлди.
“Lotte Mart” компаниясининг катта бошқарувчиси Хонг Йен Биннинг таъкидлашича, ўзбекистондаги қатор текстиль корхоналари билан ҳамкорлик, текстиль маҳсулотларини экспорт қилишни кўпайтириш бўйича музокаралар ўтказилди.