Лукашенко Хитойга Европа марказидаги Беларусиянинг имкониятларидан фойдаланишни таклиф қилди
Тошкент. 5 май. ЎзТАГ – Беларусия президенти Александр Лукашенко Хитойга Европа марказидаги Беларусиянинг имкониятларидан фойдаланишни таклиф қилди. А.Лукашенко бу ҳақида хитой Марказий телевидениеси ва “Синьхуа” ахборот агентлигига интервьюсида маълум қилган.
“Хитойга Европада дўстона мамлакат зарур. Марҳамат, бизнинг Европа марказидаги имкониятларимиздан фойдаланинг, келинг, манфааатли ҳамкорлик қиламиз”, - дея иқтибол келтиради А.Лукашенкодан БЕЛТА.
Унинг фикрига кўра, ХХР бундай ёндашувни қўллаб-қувватлайди. “Хитойликлар – ўта эҳтиёткор халқ, улар ҳеч қачон муаммоли давлатлар билан ҳамкорлик қилмайди. Улар муаммолар мавжуд жойларга кирмайдилар”, - деди президент.
У Беларусия ҳамиша Хитой билан дўстона муносабатларда бўлганлигини таъкидлади. “Менга Хитой раҳбариятининг бундай ёндашуви ёқади. Бу бизнинг ёндашувимизга мос. Биз ҳеч қачон бошқаларга муаммо туғдирмаслигимиз зарур. Биз кимгадир қарши эмасмиз, биз кимгадир қарши дўстлашмаймиз, биз халқларимиз йўлида дўстлашамиз. Бу ҳеч кимга муаммо туғдирмайди”, - деб давом эттирди А.Лукашенко.
“Шу сабабли бизнинг улкан ва буюк Хитойимиз бор, Хитойда эса Европа марказидаги дўстона мамлакат бор”, - деб таъкидлади белорус давлати раҳбари.