“Лукойл” Қандим ГҚИШнинг биринчи бўғинини ишга туширди

Дата: 09:48, 06-11-2017.

Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – “Лукойл” компанияси йилига 4 млрд кубометрдан зиёд газни қайта ишлаш қувватига эга Қандим газни қайта ишлаш заводининг (ГҚИШ) биринчи бўғинини ишга туширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шунингдек, вахта шаҳарчаси, заводолди ҳудуди, автомобиль йўллари тизими, ташқи электр таъминоти ва сув таъминоти объектлари, экспорт газини жамлаш ва қувурини қуриш бўйича ишларни ҳам якунига етказди.

“Айни вақтда янги заводнинг иккинчи линиясини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ишларни 2018 йил июлида якунлаш режалаштирилган. Ҳозирда комплекс қурилишида 5,5 минг ишчи, инженер-техник ходимлар, 1 мингдан ортиқ қурилиш техникаси банд”, - деб таъкидланади “Лукойл” хабарида.

Йилига 8,1 млрд куб метр газ ҳажмидаги унумдорликка эга мажмуа Бухоро вилоятида жойлашган Қандим конлари гуруҳидан олтингугурт-водород сақловчи табиий газдан 7,9 млрд куб метр тозаланган табиий газ, 134,4 тонна барқарор газ конденсати, 212,9 тонна қумоқ ва грануланган олтингугурт олишга мўлжалланган.  Лойиҳани амалга ошириш натижасида 2125 янги иш ўринлари яратилади.

Эслатиб ўтамизки, россиянинг “Лукойл” компанияси 2004 йилдан бери Ўзбекистонда ўз фаолиятини юритиб келади. Ўтган вақт давомида у 45 млрд кубометр газ қазиб олди ва $6,5 млрд сармоя киритди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: