“ЛУКОЙЛ” IUT талабаларига грантлар беради

Дата: 17:30, 04-04-2016.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» МЧЖ Тошкент шаҳридаги Инха университетининг (IUT) истеъдодли талабаларига грантлар ажратади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ОТМ матбуот хизматидан хабар беришларича, бу ҳақида “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖнинг бош директори ўринбосари Сергей Старостинский университет ректори Шерзод Шерматов билан учрашув давомида маълум қилган. 

ОТМ фаолияти билан танишиш жараёнида “ЛУКОЙЛ” вакили IUTнинг ўқув дастури ва талабаларга яратилган шароитлар ҳамда тайёрлов ва корпоратив курслари таништирилди.

Ўз навбатида, Сергей Старостинский “ЛУКОЙЛ”нинг Ўзбекистондаги лойиҳа ва режалари, жумладан, Қандим газни қайта ишлаш комплекси учун ходимлар тайёрлаш ҳақида сўзлаб берди. Мазкур лойиҳа “ЛУКОЙЛ”нинг энг йирик лойиҳаларидан биридир.

Томонлар учрашувда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ҳам муҳокама қилдилар, жумладан, талабаларнинг “ЛУКОЙЛ” компаниясида амалиёт ўташлари ва компания мутахассислари томонидан талабалар учун маъруза ўқиш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар.

Сергей Старостинскийнинг таъкидлашича, “ЛУКОЙЛ” компанияси АКТ соҳасида мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги ва IUTнинг мутахассислар тайёрлаш бўйича юқори стандартларини ҳисобга олиб, IUT талабаларини қўллаб-қувватлаш дастурини очишни режалаштирмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: