“ЛУКОЙЛ” Ўзбекистонда 30 млрд кубометр газ қазиб олди
Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “ЛУКОИЛ” компанияси (Россия) бошқарувида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида қазиб олинган табиий газнинг умумий ҳажми 30 млрд кубометрни ташкил этди. Ушбу газнинг асосий қисми (85% яқини) Бухоро вилоятида жойлашган Ҳовузак-Шоди участкасига тўғри келади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Компания хабарига кўра, Ҳовузак-Шоди участкасида газ қазиб олиш кенг кўламли ишлар 2007 йилнинг ноябр ойида бошланган бўлиб, 2011 йилда Ғарбий Шоди участкаси ишга туширилди. 2014 йилда мазкур ҳудудда газ қазиб олиш ҳажмини 20% оширган қўшимча сиқиш компрессор стантцияси ишга туширилди. 2015 йилнинг майида “Қандим илк гази” лойиҳаси доирасида Қандим конлари гуруҳига кирувчи Қувачи-Олот конида ҳамда Денгизкўл конидаги Шимолий Шоди участкасида газни дастлабки тайёрлаш маҳсус қурилмалар синов тарзда ишга туширилди.
Бугунга келиб Ҳовузак-Шоди участкасида қазиб олинган газнинг умумий ҳажми 25 млрд кубометрдан ошиқни ташкил этмоқда.
“Жануби-Ғарбий Ҳисор” лойиҳаси асосида табиий газни қазиб олиш ишлари 2011 йилнинг декабр ойида бошланган. “Ҳисорни тўлақонли ривожлантириш” лойиҳаси эса 2013 йилнинг баҳорида амал қила бошлади. Қурилишнинг бош объектлари – участканинг таянч базаси, йилига 5 млрд кубометр газни комплекс равишда тайёрлаш ҳамда 1,8 млрд кубометр газни дастлабки тайёрлаш қурилмаларидир. Ҳисорда шу пайтга қадар қазиб олинган газнинг умумий ҳажми тахминан 5 млрд кубометрни ташкил қилади”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамизки, 2004 йилдан буён “ЛУКОИЛ” “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда кенг қамровли лойиҳаларни амалга ошириб, мамлакатдаги энг йирик чет эл сармоядори ўрнини сақлаб келмоқда.