“ЛУКОЙЛ” Ўзбекистондаги Хаузак-Шоди газ конида компрессор станциясини ишга туширди
Тошкент. 3 декабр. ЎзТАГ – “ЛУКОЙЛ Ўзбекистон” Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидаги Хаузак-Шоди газ конида сўрувчи компрессор станциясини (СКС) ишга туширди, деб хабар қилади UzDaily.uz.
Россия компанияси маълумотларига кўра, лойиҳа қиймати $120 млнга тенг. Компрессор станцияси, уни йиғиш ва созлаш ишларида 500 атрофида киши қатнашди, 50 ошиқ техникалардан фойдаланилди.
Станция кунига қўшимча 1,5 млн кубометрдан ошиқ газ қазиб олишга имкон беради. Бу эса, газни бошланғич тайёрлаш қурилмасининг реконструкцияси билан бирга газ қазиб олишни 20% оширади.
Компрессор станциясида ўта замонавий сепараторлар ва марказдан қочувчи компрессорлар, шунингдек, юқори вольтли частотаси назорат қилинадиган узатгичлардан фойдаланилган.
Станция юқоритехнологик комплекс бўлиб, Ўзбекистон газ саноатидаги илк ана шундай қурилмадир.
Эслатиб ўтамизки, ҳозирда “ЛУКОЙЛ” Ўзбекистонда уч йирик МБҲК лойиҳаларини амалга ошириш устида ишламоқда. Булар Қандим-Хаузак-Шоди-Қўнғирот кони лойиҳаси, Жанубий-Ғарбий Ҳисор конларини ўзлаштириш лойиҳаси, шунингдек, Орол денгизи ўзбек қисмида геология қидирув лойиҳаларидир. Ҳозирга келиб, компаниянинг Ўзбекистонда жами қазиб олган гази 25 млрд кубометрдан ошиқни ташкил қилади, деб ёзади сайт.