Мақом санъатини чуқур тушунмасдан туриб, ҳақиқий санъатнинг моҳиятини англаб бўлмайди – Мирзиеев
Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ – Мақом санъатини чуқур тушунмасдан туриб, ҳақиқий санъатнинг моҳиятини англаб бўлмайди, деб ҳисоблайди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Бугунги замонда барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштириш, ёшларни юксак гуманистик идеаллар руҳида тарбиялашда мусиқа санъатининг ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Шубҳасиз, мақом санъатини чуқур тушунмасдан туриб, ҳақиқий санъатнинг моҳиятини англаб бўлмайди. Шу сабабли, унинг ривожига алоҳида эътибор беришимиз лозим”, - деб таъкидлади ўзбек давлати етакчиси Шахрисабзда (Қашқадарё вилояти) 6 сентябр куни бошланган Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимидаги нутқида.
“Мақом оҳанглари, мақом руҳи ва фалсафаси ҳар бир инсон қалбидан, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг онги ва юрагидан чуқур жой олиши учун бор имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур”, - деб таъкидлади Мирзиёев.
Албатта, сизлар анжуман кунларида ҳамкасб дўстларингиз, санъат мухлислари билан мулоқотда бўлиб, ана шундай ишлар билан атрофлича танишиш имконига эга бўласизлар, деб қайд этилади шундан сўнг.
“Ўйлайманки, бугунги анжуман олдимизда турган муҳим назарий-амалий муаммоларни атрофлича муҳокама қилиш, бу борада халқаро тажриба, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, интернет имкониятларидан кенг фойдаланиш, турли маданий ва ижодий ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро борди-келдиларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши айни муддао бўлур эди”, - деб давом этди Ўзбекистон президенти.
Шу маънода, деб давом этди Мирзиёев, анжуман доирасида ўтказиладиган “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бу йўлда муҳим қадам бўлиши табиий.
“Фурсатдан фойдаланиб, бугунги санъат ва нафосат байрамини юксак савияда ўтказиш учун ўзини аямасдан, фидокорона меҳнат қилган барча инсонларга, меҳмондўст ва олижаноб Қашқадарё вилояти ва Шаҳрисабз аҳлига анжуман иштирокчилари номидан, халқимиз номидан самимий миннатдорчилик билдиришга ижозат бергайсиз”, - деб таъкидлади Ўзбекистон президенти.
Сурат манбаи: https://ru.sputniknews-uz.com/culture/20180906/9342037/Mirziev-prizval-sokhranyat-i-razvivat-iskusstvo-makoma.html


