МАГАТЭ ва унинг ҳамкорлари Марказий Осиёда мерос қолган уран объектларини зарарсизлантиришга ёрдам берадилар

Дата: 15:30, 29-09-2017.

Тошкент. 29 сентябр. ЎзТАГ – Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ), Европа комиссияси, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки, шунингдек, бошқа бир қатор ҳамкорлар Марказий Осиёда мавжуд уран объектларини зарарсизлантириш учун кучларини бирлаштирадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир қарор Вена шаҳрида МАГАТЭ Бош конференциясининг 61-сессиясида имзоланди, дея маълум қилади Ўзбекистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси.

Уран қазиб олиш ва ишлаб чиқариш Марказий Осиё мамлакатларида ўтган асрнинг 40-йилларидан 90-йилларига қадар амалга оширилган. Ўша пайтларда бу жараённинг чиқиндиларини хавфсиз бартараф қилиш ҳақида ҳар доим ҳам ўйланмас эди. Натижада радиоактив ва токсик материаллар, шунингдек, тарк этилган конлар ва инфратузилма объектлари атроф-муҳит ва аҳоли соғлиги учун хавфли бўлиб қолмоқда.

Режа бундай объектлар ва уран кўмилган жойларни бартараф этиш бўйича изчил, самарали ва иқтисодий чораларни назарда тутади. Вена шаҳрида юқоридаги ҳужжатнинг имзоланиш маросимида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари ҳозир бўлдилар.

“Бизнинг ҳаракатларимиз атроф муҳит ва маҳаллий аҳоли ҳозирги ва келажак авлодлари саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган”, - деди ўз нутқида МАГАТЭ бош директори ўринбосари, ядро ва физик ядро хавфсизлиги бўлими бошлиғи Хуан Карлос Лентиҳо. Лойиҳа Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: