МАГАТЭ Ўзбекистонда 1 млн евродан ортиқ маблағга тўртта миллий лойиҳани амалга оширишни тасдиқлади

Дата: 16:47, 12-12-2019.

Тошкент. 12 декабрь. ЎзТАГ – Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) Ўзбекистонда 1 млн евродан ортиқ маблағга тўртта миллий лойиҳани амалга оширишни тасдиқлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"6 декабрь куни МАГАТЭ Бошқарувчилар кенгаши техник ҳамкорлик дастури доирасида Ўзбекистонда 2020-2021 йилларда умумий қиймати 1 млн евродан ортиқ бўлган тўртта миллий лойиҳани тасдиқлади", - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, лойиҳалар техник салоҳият ва инсон ресурсларини кенгайтириш, ядро инфратузилмасини ривожлантириш, Ўзбекистон ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш объектларининг ядровий ва радиация хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон томонидан "Ўзатом" агентлиги, саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, ядро физикаси институти, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, шунингдек, Тошкент шаҳар онкология диспансери лойиҳа ижрочилари ҳисобланади.

МАГАТЭ техник ҳамкорлик дастури Ўзбекистон ядровий-физик қурилмаларини эксплуатация қилишда ядро ва радиация хавфсизлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқларида замонавий ядро технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, ядровий билимларни тарқатишни назарда тутади.

Сурат манбаи: inbusiness.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: