МАК бортпроводниклар жамоаси Sky Service танловининг совриндори бўлди

Дата: 14:21, 29-05-2018.

Тошкент. 29 май. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг (МАК) бортпроводниклари жамоаси Sky Service-2018 нуфузли касбий танловнинг “Йилнинг энг яхши жамоаси” ва “Йилнинг энг яхши бортпроводниги” кубокларининг соҳиби бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

МАК матбуот хизматининг хабар беришича, Sky Service III халқаро форуми Москвада бўлиб ўтди. У ҳар йили Россиядаги “АэроМар” етакчи кейтеринг компанияси томонидан фуқаролик самолётлари хизматларни яхшилаш мақсадида ташкил этилади.

Форум доирасида Sky Delight Awards 2018 – пазандалик, Sky Travel Awards 2018 – туристик, ISPY Awards 2018 – бортпроводниклар томонидан хизматини тақдим этиш йўналишлари бўйича мукофотлаш бўлиб ўтди.

2018 йилги ISPY Awards 2018 мукофоти учун Россия ва МДҲдан бўлган 19 та жамоа, жумладан “Аэрофлот”, “Урал ҳаво йўллари”, “Россия”, SCAT, Georgian Airlines, AirBaltic, шунингдек, Philippine Airlines авиакомпанияси каби жамоалар курашди.

Қайд этиш зарурки, жорий йилда форум иштирокчилар сони юқори бўлди.

Москва Меҳмонлар уйида етакчи Россия ва хориж авиакомпаниялари вакиллари, борт овқатлари ва хизматларини етказиб берувчилар йиғилди. Унинг ишида 40 атрофида авиакомпаниялар иштирок этди, 50 дан ортиқ ширкатлар ўз маҳсулотлари ва хизматларини намойиш қилдилар, меҳмонлар сони эса 2 минг кишидан ошди.

Сурат манбаи: https://www.euromag.ru/events/56192.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: