МАК Сингапурда ўз хизматлари ва туристик салоҳиятини тақдим этади

Дата: 18:26, 05-05-2017.

Тошкент. 5 май. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 4-майдан 6-майгача Сингапурда бўлиб ўтадиган, туризм соҳасидаги энг йирик кўргазмалардан бири бўлган Silk road with the focus on Uzbekistan ярмаркасида авиаташувлар бўйича хизматларини ва мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу йили Silk road with the focus on Uzbekistan тадбирида мамлакатимиз номидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Aveson Travel” ҳамда “Uzbekistan Holidays” туристик агентликлари вакилларидан иборат делегация иштирок этади.

Кўргазмада намойиш этиладиган Ўзбекистон Миллий стендига Боиинг 787 Dreamliner тасвири ва Fly with Uzbekistan Airways сўзлари туширилган.

Реклама маҳсулотлари, миллий авиаташувчи фаолияти ҳақидаги ахборот материаллари, авиакомпания қатновлари жадвали ва Ўзбекистонга турпакетларнинг кўргазма вақтида сотилиши мумкинлиги унга ташриф буюрувчиларни ўзига жалб қилади ва 2 кун давомида нафақат туризм соҳаси вакилларида, балки бевосита мижозлар – салоҳиятли сайёҳларда ҳам қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.

Кўргазманинг мазмунли ва ёрқин дастури Silk road with the focus on Uzbekistan иштирокчиларига Ўзбекистоннинг маданияти ва анъаналарининг уйғунлигини ҳис этиш, Сингапурдаги ҳамкорлар билан яқин алоқалар ўрнатиш имконини беради, бу эса шубҳасиз, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг ошиши, бинобарин Миллий авиакомпания йўловчилари оқимининг ҳам ошишига ёрдам беради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: