Махсус фонд ижтимоий аҳамиятга эга бўлган маҳсулотларга нархларни назорат қилади

Дата: 17:09, 11-07-2017.

Тошкент. 11 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган маҳсулотларга нархларни махсус яратилаётган фонд назорат қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

CA-NEWS маълумотига кўра, бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга молик озиқ-овқат товарлари билан ишончли таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Хужжатга мувофиқ, Молия вазирлиги жамғармани шакллантиришга $100 млн миқдоридаги маблағ йўналтиради.

“Фонд маблағлари ички бозорда асосий озиқ-овқат маҳсулотларига, биринчи навбатда, гўшт, ўсимлик ва ҳайвон ёғи, донли экинлар, ун, картошка, сабзи, пиёзга, бўлган талаб ва таклифнинг мавсумий ва бошқа кескин ўзгаришларини бартараф этишга, шунингдек, бошқа ижтимоий аҳамиятга молик товарларнинг нархларини барқарорлаштиришга йўналтирилади”, - дейилади хужжатда.

Бундан ташқари, жамғарманинг ишлатилган маблағлари кейинчалик харид қилинган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларини ички истеъмол бозорида сотишдан келиб тушадиган маблағлар суммаси ҳисобига тикланади. Товарларни сотиш махсус нуқталар орқали амалга оширилади. 

Жамғарма ҳисобидан мамлакатга импорт қилинадиган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари 2018 йил 1 апрелигача божхона тўловларидан озод этилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: