Максим Фадеев Наргиз Зокировани МУЗ-ТВ мукофоти учун тайёрлайди

Дата: 07:09, 31-05-2014.

Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – Россиянинг энг муваффақиятли продюсерларидан бири Максим Фадеев “Голос” шоуси юлдузи Наргиз Зокировани шогирдликка олди ва уни МУЗ-ТВ мукофоти учун танловга тайёрлайди. Танлов Москвада 6 июнда бўлиб ўтади, дея хабар беради ДНИ.РУ интернет-газетаси.
“Продюсерлик марказимиз сафи кенгайганидан хурсандман. Умуман, Наргиз каби артист борлигидан мамнунман. Унга хуш келибсан дейман. Сени уялтириб қўймайман”, -
деб қайд этди Фадеев.
Гап шундаки, Максим Линда, “Serebro” гуруҳи ва Наталья Чистякова-Ионова (Глюк’оZа) учун кўплаб хит қўшиқларни ёзган композитордир. Шунингдек, у яратган клиплар ҳам интернетда машҳур бўлиб кетган (масалан, хит-парадларда биринчи бўлган “Мама Люба” каби).
“Мен унинг ажойиб, хассос ва самимий қиз эканлигига ишонаман. Кеча унинг учун чин дилдан битта қўшиқ ёздим. Ушбу қўшиқни “МУЗ-ТВ” мукофоти учун тайёрлашга улгурамиз, деб умид қиламан”, - деди яна Фадеев.
Наргиз Зокирова биринчи чиқишидан кейинроқ “Голос” шоуси юлдузига айланган эди. Қўшиқчи қиз “Scorpions” гуруҳининг “Still Loving You” хитини маромига етказиб ижро этганидан кейин ҳакамлар ва томошабинлар эътиборига тушган эди, деб ёзади интернет-газета.

Янгилик билан ўртоқлашиш: