Малайзия Ўзбекистон билан туризм соҳасида ҳамкорликка доир келишув имзолаш ниятида
Тошкент. 4 май. ЎзТАГ – Малайзия Ўзбекистон билан туризм соҳасида ҳамкорликка доир халқаро келишув имзолаш ниятида, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида пойтахтда ушбу мамлакат Туризм ва маданият вазири Муҳаммад Назри бин Абдул Азиз бошлиқ делегация ва “Ўзбектуризм” МК раҳбарияти ўртасидаги музокаралардан кейин маълум бўлди.
“Учрашувда Малайзия томонининг “Ўзбектуризм” МК ва Туризм ва маданият вазирлиги ўртасида ҳамкорликка доир халқаро келишув имзолаш таклифи муҳокама қилинди. Малайзия делегацияси ушбу мамлакат инвесторларини Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида хабардор қилишдан, шунингдек икки мамлакат мутахассислари ўртасида тажриба алмашинишдан ҳам манфаатдорлигини билдирди”, – деб таъкидлашди “Ўзбектуризм” МК матбуот хизматида.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Малайзия вакилларига унча катта бўлмаган меҳмонхона мажмуалари, дам олиш ва овқатланиш пунктлари қуриш бўйича таклифлар берди. Бу иншоотларни Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент ва Сурхандарё вилоятларида қуриш режалаштирмоқда.