Малазия компанияси Ўзбекистонда бадиий фильм ва телесериал суратга олади

Дата: 13:26, 13-11-2018.

Тошкент. 13 ноябр. ЎзТАГ – Малазия компанияси Ўзбекистонда бадиий фильм ва телесериал суратга олади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Aquila Emas Sdn Bhd Малайзия медия компанияси вакиллари ўзларининг Ўзбекистонга амалга оширган 10 кунлик ташрифи якунларига кўра ўзбекистонлик шериклари билан Ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзоладилар.

“Кинематографчилар делегациясининг мамлакатимизга ташрифини ташкиллаштирган Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси берган маълумотга кўра филмларни тасвирга олиш ишлари 2019-йилнинг бошига белгиланган. Бўлиб ўтган ташриф чоғида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий телерадиокомпания, “Ўзбекфилм” АЖ, бошқа тузилмалар, шунингдек Хоразм ва Бухоро вилояти ҳокимиятлари, жумладан мазкур вилоятларнинг етакчи маҳаллий телеканаллари раҳбариятлари билан учрашувлар ўтказилди”, - дейилади хабарда.

Шундан кейин қайд этилишича, музокаралар давомида биргаликда бадиий фильм олиш тўғрисида келишувга эришилди. Суратга олиш ишлари Хоразм ва Бухоро вилоятларининг манфтункор чўл ва тоғ манзаралари, қадимий шаҳарлари ва такрорланмас меъморчилик обидаларида олиб борилади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси тўғрисида 6 серияли туристик телевизион дастурни яратиш ҳам режалаштирилган.

“Бадиий фильм ва туристик телесериал Малайзиянинг етакчи телеканалларидан бири TV2да прайм-тайм вақтида эфирга узатилади. 10 млн кишидан ортиқ аудиторияга эга бўлган ушбу канални нафақат Малайзия, балки Сингапур ва Бруней ҳудудида ҳам томоша қиладилар”, - деб хулоса қилинади хабарга.


Сурат манбаи: http://mediasat.info

Янгилик билан ўртоқлашиш: