Мамлакат ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ этиш ва демократлаштириш жараёни бир уринишда ҳал бўладиган, бажариладиган вазифа эмас – Каримов

Дата: 15:43, 09-12-2015.

Тошкент. 9 декабр. ЎзТАГ - Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ этиш ва демократлаштириш жараёни бир уринишда ҳал бўладиган, бажариладиган вазифа эмас, деб ҳисоблайди Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Барчамиз бир ҳақиқатни эсдан чиқармаслигимизни истардим. Яъни, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ этиш ва демократлаштириш жараёни бир уринишда ҳал бўладиган, бажариладиган вазифа эмас... Содда ва лўнда қилиб айтадиган бўлсак, бу жараён Конституциямизда муҳрлаб қўйилган мақсадларимиз ва принципларни амалга ошириш йўлидаги узлуксиз давом этадиган, ҳаётимизни кундан-кунга фаровон, эркин ва озод қиладиган жараён, десак, айни ҳақиқат бўлади”, - дейилади давлат раҳбаринингЎзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигига 23 йил тўлишига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида.

И.Каримовнинг фикрига кўра, биз бугун ҳеч кимдан кам бўлмайдиган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қураяпмиз. “...ҳеч шубҳасиз, Конституциямизнинг энг муҳим принципларидан бири, “ўзбек модели” деб ном олган янги жамият барпо этишнинг 5 принципидан бири бўлмиш қонун устуворлиги ва қонунчиликка риоя қилиш принциплари амалда қандай ўрин тутаётгани ҳақида гаплашиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман, - деб давом эттирди у.

Ўзбекистон президентининг сўзларига кўра, “Ҳеч кимга сир эмас, фақатгина ҳуқуқий давлат шароитида демократик тартибга эришилади ва шундай тартиб сақланади, демократик институтлар ва қадриятлар ҳаётга татбиқ этилади, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, энг асосийси, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси амалда таъминланади”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: