Маъмурий судлар 5 мингдан зиёд жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини тиклади – Олий суд раиси ўринбосари

Дата: 16:02, 16-05-2018.

Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – 2017 йилда маъмурий судлар томонидан 10 мингга яқин иш кўрилиб, 5 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Олий суд матбуот хизматига таянган ҳолда.

Ушбу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари М. Астанов Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Маъмурий суд ишларини юритиш соҳасидаги ислоҳотлар: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусида давра суҳбатида келтириб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий суд судьялари ва масъул ходимлари, Самарқанд вилояти прокуратураси, адлия, солиқ бошқармалари, адвокатлар палатаси вакиллари, маъмурий судлар раис ва судьялари, хорижий экспертлар қатнашдилар.

“Давлат раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йил 1 июндан юртимизда илк бор оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган 213 та маъмурий суд иш бошлади. Ушбу судлар томонидан ўтган йили 10 мингга яқин иш кўрилиб, 5 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқи тикланди. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 5 минг 157 иш бўйича 3 минг 500 фуқаронинг иши ижобий ҳал этилди”, - деб таъкидлади Астанов.

Тадбирда жорий йилнинг 1 апрелидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси мазмун-моҳияти ҳамда суд иши юритуви соҳасида Ўзбекистон ва Германия тажрибаси хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Сурат манбаи: http://news.muz.uz/news/64817/v-uzbekistane-realizuetsya-pilotnyj-proekt-elektronnoe-ugolovnoe-delo

Янгилик билан ўртоқлашиш: