MAN Auto Uzbekistan ишлаб чиқаришни локализация қилишга $30 млн атрофида йўналтиради

Дата: 17:14, 21-09-2015.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – MAN Auto Uzbekistan ўзбек-герман қўшма корхонаси MAN юк машиналарини ишлаб чиқаришни локализация қилишга $30 млн атрофида йўналтиради. Бу ҳақида РИА Новостига шанба куни компания вакили маълум қилган.

Компания вакилининг маълум қилишича, маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳайдовчи кабиналари ва яроқликка синовларни талаб қилмайдиган бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш қуввати йилига 3 минг донани ташкил қилади. Умумий қиймати $30 млнни ташкил қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш икки йилга мўлжалланган бўлиб, у MAN юк машиналари ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш даражасини 25% етказишга имкон беради.

Олдин маълум қилингани каби, жума куни Ўзбекистонга MAN Truck and Bus немис компаниясининг бош ижрочи директори Йоахим Дрес бошчилигидаги делегацияси ташриф буюрди.

Эслатиб ўтамизки, 2009 йилда “Ўзавтосаноат” АЖ ва Германиянинг МAN Nutzfahrzeuge компанияси низом жамғармаси $3 млнлик MAN Auto Uzbekistan қўшма корхонасига асос солишган эди. Корхонанинг 51% Ўзбекистонга, қолган 49% немис томонига тегишли. Корхонанинг лойиҳа қуввати йилига 5 минг дона юк машинасини ташкил қилади. Корхона тўлиқ оғирлиги 15 тоннадан 41 тоннагачани ташкил қиладиган TGA ва CLA модификациясидаги юк машиналарини ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқариш бошланган 2011 йилдан бери бу ерда 5 минг дона юк машинаси йиғилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: