MAN Ўзбекистонда шаҳарлараро автобуслар, юк машиналари ва самосваллар йиғишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда
Тошкент. 16 ноябр. ЎзТАГ – MAN Ўзбекистонда шаҳарлараро автобуслар, юк машиналари ва самосваллар йиғишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бунга доир келишувга “Ўзавтосаноат” АЖ ва MAN Truck & Bus AG ўртасида бўлиб ўтган ўзбек-герман форуми доирасида эришилди. Тарафлар ушбу масалалар бўйича тегишли келишувлар ҳам имзоладилар.
Шаҳарлараро автобусларга доир лойиҳа JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонасининг мавжуд қувватларида 2018-2020 йилларда амалга оширилади. Юк машиналари ва самосваллар бўйича лойиҳа эса 2019-2020 йилларда амалга оширилади.
MAN Lion's Coach – премиум-тоифадаги тўлақонли туристик автобуслар сериясига киради. MAN CLA юк автомобиллари суюлтирилган газда ишловчи двигатель билан жиҳозланади, MAN CLA самосвали эса 50 тонна оғирликка эга бўлиб, унга қуввати 440 от кучига тенг двигатель ўрнатилади.
Бугунги кунда JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонаси қувватларида MAN A22 CNG автобуслари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
Эслатиб ўтамизки, келишувга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг Германияга расмий ташрифи доирасида эришилди.


