ManAuto-Uzbekistan янги турдаги автомобил ишлаб чиқаришни бошлади

Дата: 11:34, 06-05-2016.

Тошкент. 6 май. ЎзТАГ – “ManAuto-Uzbekistan” ўзбек-немис қўшма корхонаси MAN TGS 41.400 русумли автобетонқориштиргич ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бетон аралашмасини гидравлик усулда орқага тўкиб бериш имкониятига эга мазкур автомобил тайёр бетон қоришмасини кимёвий ва технологик хусусиятларини сақлаган ҳолда истеъмолчиларга етказиб бериш учун мўлжалланган”, - деб таъкидлашди корхонада.

Махсус транспорт воситасига ўрнатилган айланувчи барабанлар бетон аралашмасини истеъмолчига етказиб бергунча таркиби ўзгармаслигини таъминлашга хизмат қилади.

Автомобил бақувват ва тежамкор MAN D20 двигатели, замонавий Common Rail ёнилғи узатиш тизими ҳамда 16 босқичли механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган. Кучайтирилган рессорли осмалар, барабанли ABS тормоз ва электрон назорат тизимлари махсус юк автомобилининг ҳар қандай шароитда ҳам ишончингизни оқлашига кафолат беради.

Эслатиб ўтамизки, ManAuto-Uzbekistan ҚК 2009 йилда ташкил этилган. Ўзбек томони корхонада 51%, немис томони эса 49% улушга эга. Заводнинг лойиҳа қуввати йилига 5 минг юк машиналари ишлаб чиқаришга тенг. Корхона тўлиқ оғирлиғи 15дан 41 тоннагача бўлган оғир юк ташиш машиналари, самосваллар, TGA ва CLA модификациясидаги фургонлар ишлаб чиқаради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: