Марғилонда “Атлас байрами” фестивали бошланди

Дата: 13:12, 07-09-2016.

Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ – Кеча, 6 сентябр Марғилонда мамлакатнинг энг ўзига хос фестивалларидан бири – “Атлас байрами” фестивали бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Фестиваль ёш ҳунармандлар учун тўқимачиликнинг анъанавий каштадўзлик, табиий бўёқлар, либослар дизайни турлари бўйича маҳоратини оширишга қаратилган амалий машғулотлар, маркетинг ва коммуникация йўналишида кўплаб тренинг машғулотларини, шунингдек, интернетнинг глобаллашуви ва ахборот билан ишлашга қаратилган маърифий дастурини ҳам ўз ичига олган. Машғулотлар дастурини академик Акбар Ҳакимов ва санъатшунос Бинафша Нодир очиб берди”, - деб таъкидлашди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида.

Тадбир иштирокчиларини олдинда “Ўзбек тўқимачилиги ва барқарор ривожланиш” мавзуида давра суҳбати, “Марғилон осмони остида”, “Жаҳон тўқимачилиги: Шарқ ва Ғарб” номли кўргазмалар, Ивета Веценаненинг шахсий кўргазмаси, “Ҳунармандлар шаҳарчаси” ярмаркалари кутмоқда.

Бундан ташқари, ўзбек модельерлари ва ЮНЕСКО вакили Биби Расселнинг шоу-дефилеси ташкил этилади.

Фестиваль доирасида 9-10 сентябр кунлари халқ ижрочиларининг чиқишлари, кураш беллашувлари, аскиячилар ва дорбозлар чиқишлари, “Девзира” ош танлови ва бошқа кўплаб тадбирлар ҳам ўтказилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: